Namangan muhandislik-texnologiya instituti

2019 yil - Faol investitsiyalar va ijtimoiy rivojlanish yili

Namangan Muhandislik-Texnologiya Instituti

2018 yil - Faol tadbirkorlik, innovatsion g‘oyalar va texnologiyalarni qo‘llab-quvvatlash yili

Yangiliklar

Малакали кадрлар тайёрлаш асосий вазифамиз бўлади

Muharrir NamMTI Matbuot Xizmati | 31.12.2018 12:51


Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари ҳамда йўналишлари аниқ белгилаб берилди.

 

Мурожаатномада илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш зарурлиги келгуси йилда олдимизда турган энг асосий устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.

 

Давлатимиз раҳбари бундан кейин ёшларга муносиб таълим бериш, уларнинг илм-фанга бўлган интилишларини рўёбга чиқариш мақсадида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, умумтаълим мактаблари ва олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини, илмий ва ўқув жараёнлари сифатини тубдан яхшилаш вазифасини қўйди.

 

Маърузадан келиб чиқиб, таълим тизимидаги вазифаларга тўхталадиган бўлсак, ҳақиқатдан ҳам таълим боғчадан бошланиши ва бутун умр давом этиши лозим ва бу ғоят муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда мамлакатда ижтимоий соҳага, шу билан биргаликда таълимга давлат бюджетидан катта миқдорда маблағ ажратилмоқда. Маърузада айтиб ўтилганидек, ривожланган мамлакатларда таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция киритишга, яъни, бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврда унинг тарбиясига сармоя сарфлашга катта эътибор берилади. Чунки, ана шу сармоя жамиятга 15-17 баробар миқдорда фойда келтиради. Бизда эса бу кўрсаткич атиги 4 баробарни ташкил этади.

 

Эътибор қаратинг, Президентимиз “Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус таълим масканлари битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш ўтган даврда 9-10 фоиз даражасида бўлиб келаётган эди. Сўнгги икки йилда кўрилган чора-тадбирлар туфайли, биз бу рақамни 15 фоиздан оширишга эришдик. Лекин бу ҳали етарли эмас. Чунки дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, бу кўрсаткич уларда 60-70 фоизни ташкил этади. Шунинг учун 2019 йилда мамлакатимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 20 фоизга етказиш ва келгуси йилларда ошириб бориш – муҳим вазифамиздир”, деб олий таълим соҳасидаги ўзгаришларни алоҳида қайд этди. Бу олий таълим тизимида жуда кенг кўлам кўламли ислоҳотлар даври бошланганлигидан дарак бериб турибди.

 

Олдинги йилларда тест синовларининг бир вақтда ўтказилиши абитуриентларга танлаш имкониятини чеклаб қўймоқда эди. Яъни, улар фақат биттагина соҳа учун синовда иштирок этиш ҳуқуқига эга эди. Эндиликда уларга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имкониятини бериш масаласи қўйилди. Ривожланган мамлакатлар бу тажрибадан самарали фойдаланиб келмоқда. Келгусида мазкур тажрибани юртимизда амалиётга татбиқ этилиши иқтидорли ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқларини кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Тизимда амалга оширилиши кўзда тутилаётган ўзгаришлардан яна бири олий таълим муассасалари томонидан қабул квоталарини мустақил белгилаш тизимини жорий этилишидир. Албатта, бунинг учун реал имкониятларни ҳисобга олиш зарур. Кадрларга бўлган эҳтиёж, янги иш ўринларининг яратилиши, таълим муассасасининг моддий-техник базалари, илмий-педагогик салоҳият буларнинг барчаси паралел равишда оширилади. Шунингдек, олий таълим муассасаларининг бакалавриат йўналишларида таҳсил олаётган талабаларга хорижда ўқишни давом эттириш имкониятлари янада кенгайтирилиши ҳам режалаштирилмоқда. Президентимиз айтиб ўтганларидек, жамиятимизда олий маълумотга эга, юксак малакали мутахассислар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча тез ва самарали бўлади.

 

Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, педагог ходимларнинг иш ҳақи сўнгги 10 йилда илк марта 50 фоизгача кўпайтирилиши таълим сифатини янада оширишга, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш, уларни ўз устида ишлашларига янада кенгроқ имкон яратишга қаратилган муҳим қадамлардан бири эканини эътироф этиш жоиз.

 

Биргина сўнгги 2 йилга назар ташласак, шаҳару қишлоқларимизда юзлаб ишлаб чиқариш корхоналари очилди. Кўплаб саноат корхоналари модернизация қилиниб, қайтадан жиҳозланди, бунинг натижасида, замонавий ва сифатли ишлаб чиқаришлар йўлга қўйилмоқда. Албатта, бундай корхоналарда бугун кун талабларига жавоб берадиган, энг сўнгги қурилмалар билан сирлаша оладиган малакали ва рақобатбардош кадрларни тақозо қилинади.

 

Олий маълумотга эга юксак малакали кадрлар тайёрлаш сифати таълим муассасаларида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятига боғлиқ. Мазкур масалада республикамизда жорий йилда амалга оширилган ўзгаришлар ижобий самарасини бермоқда. Наманган вилоятидаги олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил этилган илмий даража берувчи Ихтисослашган илмий кенгашлар фаолияти натижасида илмий салоҳият сезиларли ошиб бормоқда. Бироқ, келгусида битирувчиларни олий таълимга қамраб олишнинг 20 фоизга етказилишини, янги филиаллар очилишини назарда тутадиган бўлсак, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, олий таълим муассасаларида илмий салоҳиятни янада ошириш, илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш – энг муҳим масалалардан биридир.

 

Шу нуқтаи назардан ҳам олий ўқув юртлари нуфузини янада ошириш, нодавлат таълим масканлари сонини кўпайтириб, соҳага юқори малакали кадрларни жалб этиш, педагог кадрларни салоҳиятини янада ошириш ва рақобатни кучайтириш, бугунги кун талабларига жавоб бера оладиган рақобатбардош кадрларни тайёрлаш эндиликда энг асосий вазифамиздир.

 

Одилжон Маматкаримов,

Наманган муҳандислик-технология институти ректори,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Hukumat va davlat portallari